Ушбу монографияда инглиз тилига бевосита ва билвосита тарзда ўгирилган ўзбек халқ маросим фольклори намуналарининг таржима манбалари ва уларда этнографизмларнинг берилиши аниқланиб, ўзбек маросим фольклори намуналарининг инглиз тилига ўгирилишига асос бўлган омиллар белгилаб кўрсатилди. Ўзбек маросимшунослиги муаммоларининг инглиз шарқшунослари (туркшунослари) талқинида берилиши кузатилди. "Этнографизм" термини моҳияти чуқурроқ ёритилиб, унинг қўлланиш чегараси кўрсатиб берилди ҳамда уларни таржимада ифодалаш муаммолари ўзбек тўй ва аза маросимлари фольклорининг инглизча таржималари мисолида ўрганилиб, уларнинг талқинига, таржимасига, тавсифига хос хусусиятлар ёритилди. Ўзбек маросимларига алоқадор этнографизмларнинг турлари таснифланиб, таржимада уларнинг қай даражада сақланиши аниқланди. Ўзбек маросим таомлари ҳамда кийим-кечаклари, турли атрибутлари номини ифодаловчи этнографизмларнинг инглизча таржимада акс эттирилиши билан боғлиқ муаммолар ечими кўрсатиб берилди.